Афғонистонда табиий офат: кучли зилзила 800 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлди

ASTANA. Kazinform – Афғонистоннинг шарқида содир бўлган олти баллик зилзила оқибатида 800 дан зиёд одам ҳалок бўлиб, тахминан 2800 киши турли даражада жароҳат олди, деб ёзади BBC.

Жертвами сильного землетрясения в Афганистане стали более 800 человек
Фото: aljazeera.com/

Бу ҳақда «Толибон» ҳаракати назоратидаги Афғонистон ҳукумати вакили хабар берди.

Бундан аввал 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 1500 дан зиёд одам жабрлангани айтилган эди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўшандаёқ қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини огоҳлантирган.

Вазирлик маълумотича, зилзила эпицентри жойлашган Кунар вилояти қаттиқ жабр кўрган. Бироқ алоқа тизимининг издан чиқиши ва йўллар ёпилиши сабабли аниқ маълумот ҳали белгиланмаган.

Қутқарувчилар табиий офатдан қаттиқ жабр кўрган олис қишлоқларга етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳудудда илгари ҳам бир неча марта зилзила ва сув тошқинлари кузатилган. Reuters агентлиги ҳукумат манбаларига таяниб, айрим қишлоқларда ҳалок бўлганлар сони ўнлаб кишига етиши мумкинлигини хабар қилди.

Масалан, BBC хабарига кўра, Кунар вилоятининг бир қишлоғида камида 20 киши ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Шарафат Заманнинг сўзларига кўра, яна бир қишлоқда дастлабки маълумот бўйича 30 киши ҳалок бўлган. Учта қишлоқ бутунлай вайронага айланган.

Оғир жароҳат олганлар Нангарҳор аэропортидан вертолёт орқали минтақавий шифохоналарга олиб кетилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, қутқарув ишларига ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли жалб этилган.

Зилзила душанбага ўтар кечаси Афғонистоннинг шарқидаги Кунар вилоятида рўй берди. АҚШ Геологик хизмати маълумотича, эпицентр Жалолобод шаҳридан 27 километр шимолий-шарқда, 8 километр чуқурликда жойлашган. Зилзиланинг кучи 6 балл бўлган.

Ер ости силкинишлари Қобул ва Покистон пойтахти Исломободда ҳам сезилган.

Афғонистон ҳукумати халқаро гуманитар ташкилотларни олис тоғли ҳудудлардаги қутқарув ишларига ёрдам беришга чақирди. Бу туманларга кўчки ва олдинги сув тошқинлари сабабли фақат ҳаво орқали етиб бориш мумкин.

“Ҳозирча бирорта хорижий давлатдан қутқарув ёки тиклаш ишларига ёрдам бериш ҳақида таклиф келиб тушгани йўқ”, – деди Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили мамлакатнинг ғарбида содир бўлган бир қатор зилзилалар оқибатида 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.

Сўнгги хабарлар