Қозоғистонда 56 минг фуқаронинг жами 209,7 миллиард тенге миқдоридаги қарзлари кечирилди

АSTANА. Kazinform — Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Мадина Абилқасимовани қабул қилди, деб хабар беради Ақорданинг матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Давлат раҳбарига молия бозорини ривожлантиришнинг 2025 йилги натижалари ва келгуси даврга мўлжалланган вазифалар ҳақида ахборот берилди.

Мадина Абилқасимованинг айтишича, ўтган йили банк сектори барқарорлиги таъминланган, йиллик назорат-баҳолаш цикли якунланган. Банкларнинг активлари 11 фоизга ўсиб, 68,3 триллион тенгега етган. Капиталнинг етарлилиги 20,7 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, у банклар ҳақида янги қонун, инвестиция жамғармалари ва рейтинг хизматлари ҳақида қонун лойиҳалари ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Бизнесга берилган кредитлар 2025 йил ноябрь ҳолатига кўра 17,9 фоизга ўсиб, 14,8 триллион тенгега етган.

Тадбиркорлар 17,5 триллион тенгега янги кредитлар расмийлаштирган. Банклар умумий қиймати 2,3 триллион тенгени ташкил этувчи 8 синдикатланган лойиҳани биргаликда молиялаштирган.

Кичик ва ўрта бизнесни кредитлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йил июнь ойида «Даму» жамғармаси қошида Кафолат жамғармаси ташкил этилган. Бугунги кунгача 505 миллиард тенге миқдорида кредит кафолатлари берилган.

Абилқасимова истеъмол кредитлари бериш 2024 йилга нисбатан икки баробар камайгани ҳақида ахборот берди.

Истеъмол кредитларини чеклаш учун тўлов муддати кечиктирилган ҳолда 5 йилдан ортиқ муддатга қарз бериш тақиқланган. Шунингдек, уч йилдан беш йилгача бўлган муддатга ва хавфи юқори қарзларни беришга чеклов қўйилган. Қарз олувчининг даромадига қараб қарз ҳажмининг янги коэффициенти тасдиқланган.

Аҳолининг ортиқча кредит олишини камайтириш мақсадида банклар ва микромолия ташкилотлари 703 минг фуқаронинг қарзини тартибга солиб, қисман кечирган.

Жисмоний шахсларнинг банкротлиги ҳақидаги қонун кучга кирганидан бери банклар 56 минг кишининг 209,7 миллиард тенге қарзини кечган.

Ипотека орқали турар жой қарзларини қайта молиялаштириш дастури доирасида 1,2 минг қарз олувчига ёрдам кўрсатилган.

Молиявий фирибгарликка қарши кураш доирасида кредит беришда «қарор қабул қилиш босқичи» қонунчиликка киритилган. Илк қарзни расмийлаштириш учун фуқаро ўзи келиши шарт. Бундан ташқари, фирибгарлик ҳолатида кредитни суд қарори билан ва суддан ташқари тартибда ҳисобдан чиқариш асослари кенгайтирилган.

Агентлик ўзининг назорат фаолияти доирасида банкларга 2025 йилда 49 марта инспекторлик ва ҳужжатли текширув ўтказган. Суғурта бозори иштирокчиларини — 47, қимматли қоғозлар бозорини — 54, микромолиялаштириш субъектлари ва коллекторлик агентликларини 260 марта текширган. Натижада 628 назорат чораси қўлланилиб, умумий қиймати 641,3 миллион тенге жарима солинган.

Микромолиялаштириш ва коллекторлик агентликлари бозоридаги 58 субъект лицензиясидан маҳрум қилинган. Уларнинг 23 таси мажбурий тарзда тўхтатилган, 9 субъектнинг лицензияси олинган.

Давлат раҳбари молиявий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг реал секторига кредит беришни ошириш ва молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича бир қатор аниқ топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тоқаев Қозоғистондаги рус, славян ва казак ташкилотлари ассоциацияси раиси, Парламент Мажилиси депутати Сергей Пономаревни қабул қилганини ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар