9,7 миллион долларлик виртуал активлар блокланди: Президент Жанат Элимановни қабул қилди
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари Молиявий мониторинг агентлиги раиси Жанат Элимановни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қасим-Жомарт Тоқаевга Агентлик фаолиятининг асосий натижалари ва келгуси даврдаги вазифалари тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.
Президентга жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Агентлик 24 миллиард тенгедан ортиқ маблағни нақд пулга айлантирган сохта компанияларни фош қилди, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарликдан олинган даромадларни ювган 20 та ноқонуний криптобиржалар фаолиятини тўхтатди. МДҲдаги энг йирик криптосервис ҳам йўқ қилинди. У 20 та Darknet платформалари билан ишлаган ва 200 дан ортиқ “наркошоп”ни ўз ичига олган. 9,7 миллион долларлик виртуал активлар блокланди.
Президентга Молиявий мониторинг агентлиги томонидан 720 жиноий иш бўйича тергов ниҳоясига етказилгани, 15 уюшган жиноий гуруҳ, жумладан, 3 трансмиллий гуруҳ йўқ қилингани маълум қилинди. Шунингдек, 17,1 миллиард тенгелик нефть маҳсулотларини ноқонуний олиб чиқиб кетишга чек қўйилиб, ноқонуний тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 2 та яширин цех ва суррогат алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 16 та цех фош этилди. Яширин савдодан 12 миллиард тенгега тенг вейплар олиб қўйилди. 63 та инфратузилма лойиҳасида умумий қиймати 164 миллиард тенге бўлган бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 11 миллиард тенге миқдоридаги субсидиялардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилди. Сохта стоматологик хизмат кўрсатиш йўли билан Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармасидан 200 млрд тенгени ноқононий ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди.
Жанат Элиманов фуқароларнинг молиявий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди. Ноқонуний микрокредит бериш ҳолатлари юзасидан 23 та тергов иши қўзғатилган. Зарар 71 миллиард тенгени ташкил қилди. 300 мингдан ортиқ қарз олувчиларнинг қарзларини қайтариш ва ҳисобдан чиқариш ишлари олиб борилмоқда, 112 мингдан ортиқ фуқаролар иштирокидаги 45 та молиявий пирамидалар йўқ қилинди, фирибгар лойиҳалар ва қимор ўйинлари билан боғлиқ 31,5 минг сайт ва ҳаволалар блокланди.
Учрашув якунида Давлат раҳбари агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қатор топшириқлар берди.