5 йил ичида 1 млн киши: CИ кўникмаларини ўқитиш ташаббуси қандай амалга оширилмоқда
ASTANA. Kazinform — ҚР Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги Kazinformнинг расмий сўровига жавобан мамлакатда "СИ-ҳаракати" ташаббуси қандай амалга оширилаётгани ҳақида хабар берди.
“Қозоғистонда “СИ-ҳаракати” ташаббусини амалга ошириш давом этмоқда. Беш йил давомида биз 1 миллион фуқарони сунъий интеллект кўникмаларига ўргатамиз. Дастур барча мақсадли гуруҳларни қамраб олади ва сунъий интеллект билан ишлаш учун асосий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган”, – дейилади вазирлик жавобида.

Ушбу ташаббус доирасида мактаб ўқувчилари ва талабалар учун кенг кўламли таълим дастурлари ишга туширилди.
“Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун TUMO, Tomorrow School, AI Sana ва AI OLYMP дастурлари, шунингдек, Day of AI ташаббуси амалга оширилмоқда. Ушбу дастурлар сунъий интеллект соҳасидаги асосий ва илғор билимларни ўзлаштиришга, шунингдек, рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган”, – дея аниқлик киритади вазирлик.

Давлат ва квази-давлат секторлари ҳам бу жараёндан четда қолмаган.
“Давлат хизматчилари учун AI Qyzmet дастури фаолият юритмоқда. Дастур доирасида давлат аппарати ходимлари кундалик иш жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг асосий сценарийларини ўзлаштирадилар. Квази-давлат секторида AI Corporate дастури ишга туширилади”, - дейилади расмий жавобда.
Вазирлик маълумотларига кўра, сунъий интеллект соҳасидаги таълим тор аудитория билан чекланмайди.
“Кенг аудитория учун Tech Orda, QazCoders ва Yandex курсларини ўз ичига олган онлайн курслар ва акселерация дастурлари мавжуд. Ушбу дастурлар қозоғистонликларга талаб юқори бўлган IT мутахассисликларини ўрганиб, рақамли соҳада карьера бошлаш имконини беради”, – дейилади хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар 570 мингдан ортиқ талаба AI Sana дастури орқали сертификатлар олди. Tech Orda доирасида 300 мингга яқин ўқитувчи ва 50 мингдан ортиқ давлат хизматчиси сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ўқитилди.
Вазирликнинг жавобида давлат хизматлари соҳасига сунъий интеллектни жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
“Давлат органлари фаолиятига сунъий интеллект элементларини жорий этиш мақсадида Миллий СИ платформаси доирасида e-Gov AI, e-Otinish ахборот тизими учун СИ модуллари, 102 хизмати учун СИ ёрдамчиси ва бошқа рақамли ечимлар босқичма-босқич жорий этилмоқда”, – дейилади вазирлик жавобида.

Бу ташаббусларнинг барчаси Қозоғистонда рақамли трансформация кенг кўламда амалга оширилаётганини ва сунъий интеллектни ривожлантириш сиёсати амалий босқичга кирганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Жаслан Мадиев 5 йил ичида мамлакатимиздаги талабалар, давлат ва квази-давлат сектори ходимлари турли дастурлар орқали сунъий интеллект кўникмаларини ўрганишларини маълум қилган эди.